"ТЎМАРИС ИЗДОШЛАРИ" ТАНЛОВИ – ЖАСОРАТ ВА МАҲОРАТ СИНОВИ
Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилаётган ходима аёллар учун "Тўмарис издошлари" кўрик-танлови вилоят босқичи ташкил этилди.
Мазкур танлов ходима аёлларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишини рағбатлантириш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳарбий хизматчи аёлларда Ватанга меҳр-муҳаббат ва фахр-ифтихор туйғуларини янада ошириш мақсадида ташкил этилди. Шу билан бирга, танлов давомида жисмонан бақувват ва маънан етук номзодни саралаб олиш, энг муносиб иштирокчини Республика босқичига йўллаш кўзда тутилди.
Танлов доирасида иштирокчи ходималар турли синовлардан ўтдилар. Улар миллий либосда ўзларини таништириш, ПМ ўқотар қуролидан аниқ мўлжалга ўқ узиш, жисмоний машқлар, қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва тиббий тайёргарлик ҳамда пазандачилик шартлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Беллашувлар муросасиз ва ҳаяжонли тарзда ўтди, ҳар бир иштирокчи ўзининг шижоати, интеллекти ва маҳоратини намоён қилди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланиб, энг юқори натижа қайд этган номзод республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.