Янгиликлар

5 Февраль 2024

ШАХСИЙ ИНТИЗОМ — ВАТАНПАРВАРЛИК, МАСЪУЛИЯТ, САДОҚАТ ДЕМАКДИР!

Куни кеча Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида Миллий гвардия ҳамда Термиз ҳарбий прокуратураси масъуллари томонидан учрашувлар ташкил этилди.
Унда бўлинмаларда хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан ўтган давр мобайнида йўл қўйилган камчиликлар, бартараф этиш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, учрашувда қимор ўйинларининг салбий оқибатлари, ижтимоий тармоқларда фирибгарлар томонидан тарқатилаётган турли кўринишдаги постлар, ўйинлар, бот орқали овоз бериш каби ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш, банк пластик карта рақамларини шубҳали шахсларга бермаслик масалалари юзасидан тегишли маълумотлар бериб ўтилди. Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўйнаш қонун доирасида тақиқланганлиги, жавобгарлик чоралари кучайтирилганлиги, таҳлилларда ўйнаган фуқаролар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар кўпаётганлиги таъкидланиб, ходимлар огоҳлантирилди. Коррупция ҳолатларига қарши курашиш, унинг олдини олиш ҳар бир ходим учун бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланиши қайд этилди.
Мулоқот давомида ҳар бир ходим ўзига белгиланган вазифани виждонан бажариши, масъулият билан ёндашиши, хизматда тартиб-интизомга риоя этиши иш самарадорлиги ва сифатининг ошишига хизмат қилиши айтиб ўтилди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, ўз хизмат мажбуриятларини намунали бажариб, сафдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига Бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари топширилди.