Тошкент минтақавий ўқув маркази тингловчиларининг “Ғалаба боғи” ва “Шон-шараф” музейига ташрифи
Тошкент минтақавий ўқув маркази тингловчиларининг “Ғалаба боғи” мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейига ташриф буюришлари таъминланди. Ушбу ташриф давомида улар Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимизнинг кўрсатган қаҳрамонлиги, мардлиги ва фидойилиги акс эттирилган тарихий ҳужжатлар, экспонатлар ва ҳайкаллар билан танишдилар.
Музей экспозициясида ўша давр аскарларнинг ҳаётини, фронт ва фронт ортидаги меҳнатни акс эттирувчи ҳужжатлар, суратлар ва шахсий буюмлар тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Хусусан, минглаб ўзбекистонликларнинг урушдаги жасорати, юртимиздан фронтга юборилган моддий ва маънавий ёрдамлар, ўзбек халқининг сабр-тоқати ва бирдамлиги ҳақида қимматли маълумотлар берилди.
Тингловчилар ушбу ташрифдан юксак руҳда чиқиб, ўз Ватанига садоқат, тинчликнинг қадрига етиш, тарихдан ибрат олиш зарурлигини чуқур ҳис этдилар. Бу сафар улар учун нафақат тарихий сабоқ, балки миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамловчи унутилмас воқеа бўлди.