Бугун Тошкент шаҳридаги "Киночилар саройи" залида Тошкент шаҳри ҳудудида хизмат қилаётган "Қўриқлаш" хизмати ходимлари иштирокида "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти, белгиланган вазифалар ҳамда уларнинг амалий ижросига қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида, жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган "Ўзбекистон – 2030" стратегияси тасдиқланган.
Мазкур фармон ижросини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги "Киночилар саройи" залида Тошкент шаҳри ҳудудида хизмат қилаётган "Қўриқлаш" хизмати ходимлари иштирокида "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб "Қўриқлаш" бош бошқармаси раҳбарияти томонидан "Ўзбекистон – 2030" стратегияси жамиятимиз тараққиётининг муҳим йўналишлари ҳисобланган бешта устувор йўналишларига асосланган юзта мақсаднинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтилди. "Хавфсиз ва тинчликсевар давлат" тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш" йўналишидаги 11 та мақсад батафсил тушунтириб берилди.
Шунингдек, спикерлар томонидан мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича ислоҳотлар, Қуролли Кучлар куч тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириш, биргаликдаги ҳаракатларнинг самарадорлиги ва мувофиқлашганлик даражасини ошириш масалалари юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Тадбирда "Қўриқлаш" бош бошқармаси Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳам иштирок этиб, ходимларга мазкур стратегиянинг жамиятимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳамда тинч ҳаётига нечоғлик зарур эканлигининг туб маъносини тушуниб етишлари хусусида сўз юритишди.
Учрашув сўнгида ходимларнинг фикр мулоҳазалари тингланди, стратегия талабларига мувофиқ "Қўриқлаш" фаолиятини ислоҳ қилишдаги янги ғоялар ўртага ташланди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб беришди.