САЙЁР ҚАБУЛЛАР – МУАММОЛАР ЕЧИМИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА
Миллий гвардия Фарғона вилояти "Қўриқлаш" бошқармасида хизмат қилиб келаётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Тадбирга Фарғона ҳарбий прокуратураси, "Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Бандлик ва меҳнатга кўмаклашиш маркази, "Ишга марҳамат" мономаркази мутахассислари, Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамда бир қатор мутасадди ташкилот вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда дастлаб, мамлакатимизда Қуролли кучлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимлар фаолиятида яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар хусусида сўз юритилди. Шундан сўнг мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган бу каби сайёр қабуллар, ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалга оширишда дуч келган муаммоларини ижобий ҳал этишда, масалаларни жойида бартараф қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Шунингдек ҳар бир иштирокчиларнинг мурожаатлари, таклифлари тингланди. Бу жараёнда ходимлар томонидан, уй-жой, ишга жойлашиш, оила аъзоларини бандлигини таъминлаш, фарзандларини боғчалар ва мактабларга жойлаш, меҳнат қонунчилиги масалалари, иш жойларини ўзгартириш ҳамда бошқа ижтимоий масалалар ўртага ташланди. Ҳар бир мурожаат юзасидан атрофлича ечим изланиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Келиб тушган 21 та мурожаатларнинг 10 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинган бўлса, 11 таси бўйича тушунтириш берилди. Барча масалалар, билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ва масъулларга кўрсатмалар берилди.