Ўқувчи ёшларда ватанпарварлик руҳини шакллантиришда Миллий гвардиянинг ўрни
Бугунги кунда ёш авлодни ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мамлакатимиздаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Миллий гвардия ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилиб, ёшлар орасида ватанпарварлик ғоясини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу доирада куни кеча Янги Наманган туманида жойлашган 83-сонли мактабда Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари иштирокида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади – ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш ва уларни ҳарбий-мафкуравий жиҳатдан тайёрлашдир.
Тадбир давомида нафақат ҳарбий хизматчилар билан учрашув, балки ёшлар учун қизиқарли дастурлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, "Уч авлод" учрашуви доирасида фахрийлар ёшларга ўз ҳаёт тажрибалари, ватанга хизмат қилишнинг шарафи ва масъулияти ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Бундан ташқари, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди, бу эса мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Камондан отиш бўйича маҳорат дарслари ҳам ўқувчилар томонидан мамнуният билан қабул қилинди.