"ОНА ТИЛИМ – ҒУРУРИМ, ФАХРИМ": ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН АДАБИЙ КЕЧАЛАР
Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактабида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Она тилим – ғурурим, фахрим” мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил этилди. Тадбирда Хоразм вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари, мактаб педагоглари ва ўқувчилари иштирок этишди. Кечанинг асосий мақсади – ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, ёш авлод онгида она тилига нисбатан ҳурмат ва ғурур туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбир давомида ўқувчилар она тилига бағишланган шеърлар ўқидилар, бадиий саҳна кўринишлари намойиш этилиб, тилимизга бўлган муҳаббат ва садоқат руҳидаги чиқишлар билан иштирок этдилар. Мазмунан бой ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Якунда эса фаол иштирок этган бир гуруҳ устоз ва ўқувчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий ўқув марказида ҳам Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчилари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир давомида марказ тингловчилари давлат тилидан кундалик ҳаётда фойдаланишнинг амалий намуналарини кўриб чиқдилар. Иштирокчилар зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишди, шунингдек, ваколатли мутахассисларга саволлар бериб, уларга тўлиқ жавоб олиш имкониятига эга бўлишди.