Янгиликлар

10 Январь 2024

МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ!

Барчамизга маълумки, бу йил Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 32 йиллиги республикамиз бўйлаб катта тантана билан қарши олинмоқда. Мазкур байрам арафасида Миллий гвардия Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари томонидан бир қатор маъданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси Урганч шаҳридаги Маҳмуд Замахшарий номидаги ахборот-кутубхона марказида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида адабий-бадиий кеча шаклида ўтказилди. Кутубхона маъмурияти, Урганч ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда вилоят “Нуронийлар” жамғармаси раиси, Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқарма бошлиғи ҳамда профессор ўқитувчилар иштирокида маърузалар қилинди. Тадбирнинг иккинчи қисмида ходимлар учун мусиқа мактаб ҳамда академик лицей ўқувчилари иштирокида концерт дастури хам ташкил этилди.