МАРДЛАР ҚЎРИҚЛАЙДИ ВАТАННИ
Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда вилоят ҳарбий прокуратураси билан ҳамкорликда Косонсой туманида жойлашган “Соҳил” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олувчи болажонлар иштирокида "Мардлар қўриқлайди ватанни" шиори остида ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Тадбир болажонлар томонидан тайёрланган гўзал рақс ва куй қўшиқлар билан бошланган бўлса, ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг қўл жанги усуллари намойиши, ҳарбий қурол-аслаҳа ва махсус воситалар намойиши, шахмат ва шашка, камондан отиш, арқон тортиш бўйича мусобақалар билан янада қизғин тус олди. Тадбир якунида юқори натижалар қайд этган мусобақа иштирокчилари, рақс ва куй қўшиқлар ижро этган болажонлар қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Бу каби тадбирлар болажонлар қалбида ҳарбийлик касбига муҳаббат уйғотиш билан бирга соғлом турмуш тарзи ва спортга, шунингдек санъатга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади.