Ходимлар билан очиқ ҳавода, табиат бағрида навбатдаги тренинг машғулоти ташкил этилди
Қўриқлаш бошқармаларида фаолият юритувчи психологлар ходимларнинг руҳий саломатлигини таъминлаш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, стресс ва зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш, ҳамда соғлом психологик муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Улар профилактик суҳбатлар, диагностик тестлар, психокоррекцион машғулотлар ва тренинглар орқали ходимларнинг руҳий ҳолатини таҳлил қилади ва зарурий тавсияларни беради.
Шу каби фаолият доирасида, Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси Психологик таъминлаш бўлими томонидан ходимлар билан очиқ ҳавода, табиат бағрида навбатдаги тренинг машғулоти ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади – ходимлар ўртасида жамоавий ҳамкорликни ривожлантириш, стрессни камайтириш ва табиат орқали янги мотивация беришдан иборат бўлди.
Тадбир давомида қуйидаги машғулотлар ўтказилди:
диққат ва тезкорликни оширувчи энергия ўйинлари;
жамоавий ҳамкорликни мустаҳкамловчи машқлар;
медитация ва нафас машқлари орқали ички сокинликни топиш;
ижодий гуруҳ ишлари ёрдамида янги ғояларни очиш.
Ходимлар ўз таассуротларида тренинг машғулотлари уларни тетиклаштиргани, жамоавий бирдамликни кучайтиргани ва табиат қўйнида ўтказилгани боис янада самарали бўлганини таъкидлашди.
Бундай психологик тренинг машғулотларини мунтазам равишда ўтказиш режалаштирилган бўлиб, бу орқали ташкилотда соғлом ва ижобий психологик муҳитни шакллантиришга хизмат қилинади.