Янгиликлар

16 Январь 2025

Ҳарбий-ватанпарварлик, кўнгилочар ва спорт тадбирлари, уч авлод учрашувлари ташкил этилмоқда

Шу кунларда республикамиз бўйлаб "Қўриқлаш" бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, ўқувчи ёшларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли билан ўтказиш мақсадида ҳарбий-ватанпарварлик, кўнгилочар ва спорт тадбирлари, уч авлод учрашувлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, куни кеча Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги ҳамда Хоразм вилояти Хива шаҳридаги Президент мактабларида, Миллий гвардия Жиззах минтақавий ўқув марказида ва Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармасида "Ватанга хизмат – олий фазилат" шиори остида "Уч авлод учрашувлари" ўтказилди.
Ушбу тадбирларда ҳудудий "Қўриқлаш" бошқармалари масъуллари, Миллий гвардия, Ҳарбий прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгашлари аъзолари, икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳ.Дўсматов, ҳарбий хизматчи ва ходимлар, талабалар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Йиғилганлар ёшларга хизмат фаолияти давомида дуч келган қизиқарли воқеалар ҳамда ҳарбийликнинг машаққатли меҳнатлари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, сўз олганлар ўғил-қизларга "Қўриқлаш" ходимларининг хизмат фаолияти тўғрисида қисқача маълумот бердилар. Тадбирда фахрийларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибалари билан ҳозирда Миллий гвардия тизимларида ўз хизмат вазифаларини бажараётган ёш авлод вакилларини таништириш уларда шукроналик ва ватанпарварлик туйғусини уйғотиш мақсад қилиб олинди.
Шунингдек, тадбир жараёнида мактаб ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига етарлича жавоб олдилар.