Янгиликлар

22 Июнь 2025

Қўриқлаш хизмати афзалликлари тарғиб қилинди

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан Қўрғонтепа тумани марказида жойлашган деҳқон бозор ҳамда "Камолат" савдо комплекси ҳудудида тадбиркорлар иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди.

Мазкур тадбир давомида бозорда фаолият юритаётган савдогар ва тадбиркорларга Қўриқлаш хизматининг аҳамияти, унинг мол-мулк дахлсизлигини таъминлашдаги роли ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, замонавий технологияларга асосланган қўриқлаш воситалари, сигнализация тизимлари ва уларнинг самарадорлиги ҳақида амалий кўрсатмалар намойиш этилди.

Тадбир иштирокчилари хизмат кўрсатиш тартиби ва арзон тарифлари билан яқиндан танишдилар. Тарғибот жараёнида ушбу хизматдан фойдаланиш истагини билдирган фуқароларнинг аризалари ҳам ўша жойнинг ўзида қабул қилинди.