Янгиликлар

24 Май 2023

ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР ОРҚАЛИ ХОДИМЛАРНИНГ АМАЛИЙ КЎНИКМАЛАРИ ОШИРИЛМОҚДА

Ёз мавсумида ҳавонинг кескин исиб кетиши аҳолимиз ўртасида анҳор ва ҳовузларда чўмилувчилар сонини кўпайишига олиб келади. Табиийки чўмилувчилар орасида турли кўнгилсизликларнинг учраб туриши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу ва шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида куни кеча ФВВ масъул ходимлари иштирокида Миллий гвардия Хоразм вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилаётган ходимлар учун хизматдан бўш вақтларида турли хил оқова сувларда, анҳор ва ҳовузларда чўмилмасликлари, фақатгина белгиланган жойларда чўмилишлари мумкин эканлиги тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, қўриқловда бўлган объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, фуқаролар ва объект хавфсизлиги билан боғлиқ шундай ҳолатларга дуч келишса ҳаракатланиш тартиби, шу билан бирга тиббиёт бўлими ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш талаблари атрофлича тушунтирилди. Мазкур тадбир орқали ходимлар мутахассисларга саволлар билан юзланиб, ўзлари учун зарур бўлган назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлдилар.