“Тўмарис издошлари” – жасорат ва маънавият мусобақаси
Ички ишлар органлари тизимида аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг иродаси, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик руҳини янада кучайтириш мақсадида “Тўмарис издошлари” мусобақаси ўтказилиб келинмоқда. "Ватан меҳри юрагимда" шиори остида Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида ташкил этилган мусобақанинг вилоят босқичи ҳам юқори савияда, кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа буюк аждодимиз – жасорат тимсоли Тўмарис қаҳрамонлигига муносиб издошлардан бўлган бугунги замонавий аёлларимизнинг иқтидори, билими, жисмоний тайёргарлиги ва руҳий бардамлигини намоён этишга хизмат қилди.
Беллашувда дастлаб иштирокчилар она юртга садоқат, хизматга фидойилик ва аёлларга хос гўзалликни ўзида мужассам этган саҳна чиқишлари орқали ўзларини таништирган бўлса, навбатдаги шартда уларнинг касбий салоҳияти синовдан ўтказилди. Жисмоний ва жанговар тайёргарлик бўйича ўтказилган беллашувда қатнашчилар, 100 метр масофага югуриш, камондан отиш, пневматик қуролдан амалий ўқ отиш машғулотлари, қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби шартларда беллашиб, ўзларининг қобилияти, хизмат фаолиятида орттирган кўникмаларини намойиш этдилар. "Орасда бека" шартида эса уларнинг ўзбек миллий таомларидан бири саналган ош тайёрлаш бўйича маҳоратлари баҳолаб борилди.
Мусобақа якунида белгиланган барча шартлар бўйича юқори натижаларни қайд этган иштирокчи республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, тадбирда фаол иштирок этган ходималар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бундай тадбирлар аёл ходималарнинг билим ва малакасини ошириш, фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, улар орасида соғлом рақобатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.