РЕСПУБЛИКАМИЗ БЎЙЛАБ "ХАВФСИЗ МАКТАБ" ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ТИЗИМЛИ ИШЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари билан ҳамкорликда республикамиз бўйлаб "Хавфсиз мактаб" тамойили асосида таълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган учрашувлар ўтказилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган бу каби тадбирларда мутахассислар томонидан мактабларда хавфсиз муҳитни яратиш, ўқувчиларга нисбатан жисмоний хавф-хатарларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида белгиланган хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, ҳаракатланиши лозимлиги эслатиб ўтилди. Бунда, асосан, қоровуллар томонидан мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг киритилмаслиги, жамоат тартибини сақлаш, фавқулодда ҳолат юз берганда тезкорлик билан ташвиш тугмаси орқали, туман ёки шаҳар "Қўриқлаш" бўлимларига хабар бериши, ташвиш хабари келиб тушган "Қўриқлаш" бўлимининг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳининг манзилга зудлик билан етиб бориши, ҳолатни бартараф этиш чораларини кўриши тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.
Учрашувлар давомида иштирокчилар техник қўриқлов сигнализация воситалари ва махсус воситалар билан ишлаш тартиби тўғрисида йўриқнома ва тушунчалар берилиб, уларни махсус хизмат кийими билан таъминлаш масалалари ҳал этилди.