8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қўриқлаш Департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида тантанали байрам тадбирлари бўлиб ўтди
Аёл – гўзаллик тимсоли, оила замини, жамият устуни, хонадонимиз фариштаси, ҳаётимиз файзи, кўрки. Аёл – ғамхўр она, меҳрибон опа-сингил, вафодор ёр, суюкли қиз. Аёлларсиз бахтимиз тўлиқ, бағримиз бутун, дастурхонимиз тўкин, ҳаётимиз тотли бўлмайди. Ватанга, оилага, ҳаётга бўлган ишонч аввало – аёлга, онага эҳтиромдан бошланади.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга – эҳтиром” деб номланган тантанали байрам тадбирлари ўтказилди.
Тантанали тадбирларда сўзга чиққанлар томонидан оилаларимизнинг тинчлиги, фароғати, ҳаётимизнинг гўзаллиги, баракаси бўлган оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз, аёлларимиз олдида ҳамиша қарздормиз дея таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг барча аёл-ходималарига кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди. Санъаткорлар ҳамда ёш ижрочиларнинг ёқимли куй-қўшиқлари, жозибали рақслари, бадиий саҳна кўринишлари мунис опа-сингилларимизга байрамона кайфият улашди.