Янгиликлар

23 Апрель 2025

Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан Қува туманида очиқ эшиклар куни ўтказилди

Бугунги кунда мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ватанпарварлик, фидойилик, масъулият ҳисси билан тарбиялаш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол инсонлар этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шу мақсадда Фарғона вилояти Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан ҳудудларда турли тарбиявий, маърифий ва амалий тадбирлар тизимли равишда ташкил этиб келинмоқда.
Куни кеча Қува тумани Қўриқлаш бўлими биносида туман Ички ишлар бўлими, Фавқулодда вазиятлар хизмати ҳамда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм билан ҳамкорликда ташкил этилган очиқ эшиклар куни ҳам шундай амалий ташаббусларнинг ёрқин намунаси бўлди.
Тадбирда тумандаги 1-сонли умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари иштирок этишди. Ушбу ташриф улар учун нафақат қизиқарли, балки маънавий жиҳатдан тарбиявий аҳамиятга эга бўлди. Ўқувчилар Қўриқлаш бўлими фаолияти, хизматда қўлланиладиган замонавий қурол-аслаҳалар, махсус техникалар ва яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Тадбир доирасида ёшларга ходимларнинг фахрли касби, уларнинг Ватан ҳимоясида тутган ўрни, юксак интизом ва жанговар руҳ ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ўқувчилар ташкилотчилар томонидан тайёрланган кўргазмаларда, техникалар, махсус ҳимоя воситалари ва қуроллар билан танишдилар, саволларига жавоб олдилар.
Шунингдек, турли соҳалар мутахассислари билан учрашувлар ҳам ташкил этилиб, ёшлар учун мотивацион чиқишлар, юртга хизмат қилиш, жамиятда фаол фуқаро бўлиш, ҳуқуқбузарликлардан йироқ туриш ва мустақил ҳаётга тайёрланиш мавзуларида маърузалар ўқилди.
Бундай тадбирлар ёшларда фахр, ғурур, юртпарварлик, касбга бўлган қизиқиш ва келажакдаги йўлини аниқлашга катта туртки бўлади.
Қўриқлаш хизмати ва ҳамкор идоралар томонидан ташкил этилаётган бундай учрашувлар — мамлакатимизнинг тинчлиги ва ёшлар тарбияси учун амалий пойдевордир.