ОРОМГОҲЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК, КЎНГИЛОЧАР ВА СПОРТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўқувчи ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг жисмоний ва ақлий салоҳиятларини ошириш, болажонларга яхши кайфият улашиш мақсадида республикамиз бўйлаб болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ҳамда кўнгилочар тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, куни кеча бу каби тадбирлар Миллий гвардия Жиззах минтақавий ўқув маркази ходимлари томонидан Зомин туманида жойлашган “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳида “Ёз ўтмоқда соз” шиори остида ташкил этилди. Кун бўйи давом этган тадбирларга соғломлаштириш оромгоҳидаги барча дам олувчи болажонлар жалб этилди. Ушбу кун барча иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия томонидан Наманган вилоятининг Поп туманидаги “Бинафша” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги "Камалак" соғломлаштириш оромгоҳида юқорида айтиб ўтилган тадбирлар ўтказилди.
Ҳарбий хизматчи ва ходимлар томонидан чиройли кўргазмали ва мусиқий чиқишлари тақдим этилиб, замонавий ҳарбий қурол-аслаҳа кўргазмалари намойиш этилиб, камондан отиш, футбол, шахмат, стол тенниси турлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқий намойишлар эса тадбирларга янада кўтаринки руҳ бағишламоқда.