Ватанпарварлик тадбирлари ўғил-қизларга қувонч бағишлади
Бугунги кунда ёшлар хар жабҳаларда ўзларининг олдига қўйган мақсадлари томон шижоат ва жасорат билан ҳаракат қилиб келмоқдалар. Ёш авлод орасида Ватанга садоқат, жасорат ва ҳарбий малака каби тушунчаларни тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини бойитиш мақсадида Миллий гвардия ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ҳудудларда ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ҳамда кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, куни кеча Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари "Қўриқлаш" бошқармалари томонидан мактаб ўқувчилари учун "Ёшлар – миллий армиямиз нигоҳида" шиори остида очиқ эшиклар куни тадбирлари ва ватанпарварлик фестиваллари ўтказилди.
Тадбирлар давомида ёшлар билан давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Суҳбатларда соҳа вакиллари ёшларга ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича батафсил маълумотлар бериб ўтдилар. Шундан сўнг "Қўриқлаш" бошқармаларида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, аждодларимиз ҳаёт ва ижодларини ўрганиш учун ташкил этилган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур хоналари, ходимлар жисмоний ва жанговар тайёргарликларини ошириб бориш учун ташкил этилган тренажёр заллари, мерганлик маҳоратларини ошириш учун ташкил этилган ўқ отиш хоналари, психолог хоналари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг Миллий гвардия ходимлари томонидан хизмат вақтида фойдаланиладиган анжом–аслаҳалар кўргазмалари бўлиб ўтди. Турли спорт мусобақалари ўтказилиб, ёшларнинг қобилияти ва жисмоний имкониятлари синовдан ўтказилди. Тадбир доирасида ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, фахрий қоровул ҳамда қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари ёшлар қалбига олам-олам қувонч бахш этди.
Якунда эса спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ҳамда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўғил-қизларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.