Ватанпарварлик тадбирлари маҳалла ёшларини эзгу мақсад сари бирлаштирди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, бу каби тадбир куни кеча Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги Президент мактабида Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Ушбу тадбир ўқувчи ёшларда ҳарбий жиҳозлар ва техникалар билан танишиш имконияти соҳага бўлган қизиқиш ва иштиёқини кучайтирди. Тадбир давомида камондан отиш спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилди. Мазкур мусобақаларда иштирок этган ўқувчилар ўз мерганлик маҳорати ва жисмоний имкониятларини намоён этиш имкониятига эга бўлдилар. Ҳар бир иштирокчи ўзининг пухталиги ва маҳорат даражаси билан мухлисларни ҳайратда қолдирди.
Ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларининг навбатдагиси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Истиқбол маҳалласида ўтказилган бўлиб, унда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, қурол аслаҳалар кўргазмаси ҳамда турли спорт ўйинлари уюштирилиб, ёшларнинг маҳорати ва жисмоний имкониятлари синовдан ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, иштирокчиларнинг қизиқиши ва тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилгани барчада чуқур таассурот қолдирди.