Янгиликлар

11 Январь 2024

МАМЛАКАТИМИЗНИНГ БАРЧА ҲУДУДЛАРИДА ТУРЛИ ВАТАНПАРВАРЛИК ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИБ КЕЛИНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли ватанпарварлик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талаба ёшлари, шунингдек мактаб ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар иштирокида Миллий гвардия Сирдарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси Янгиер шаҳарлараро "Қўриқлаш" бўлимида Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Янгиер шаҳар бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Тадбир давомида ёшлар билан давра суҳбати ўтказилиб, соҳа вакиллари ёшларга ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича батафсил маълумотлар бериб ўтдилар.
Шундан сўнг "Қўриқлаш" бўлимида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, ушбу бўлимдаги аждодларимиз ҳаёт ва ижодларини ўрганиш учун ташкил этилган Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур хоналари, ходимлар жисмоний ва жанговар тайёргарликларини ошириб бориш учун ташкил этилган тренажёр зали, мерганлик маҳоратларини ошириш учун ташкил этилган ўқ отиш хонаси, психолог хоналари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Миллий гвардия ходимлари томонидан хизмат вақтида фойдаланиладиган анжом-аслаҳалар намойишлари ҳамда хизмат итининг қизиқарли чиқишлар намойиш этилди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ва "Ватанпарвар" ташкилоти ходимлари томонидан эса ёнгин қутқарув амалиётида фойдаланиладиган махсус воситалари, автомобиллар кўргазмаси ўтказилди.
Тадбир сўнгида ўқувчи ёшлар учун спортнинг камондан отиш тури бўйича маҳорат дарси ҳам ўтказилди.

Шунингдек, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалида бу каби ватанпарварлик тадбири ҳам ташкил этилди. Дастлаб ҳарбий оркестр садолари остида мамлакатимиз мадҳияси ижро этилди. Тадбирнинг байрамона руҳда ўтган амалий қисмида талабаларга ходимлар томонидан тайёрланган ҳарбий чиқишлар, машғулотлардан намуналар ҳамда махсус ҳимоя воситалари, техникалар кўргазмаси тақдим этилди.
Уюштирилган тадбир ёшларимизда армиямиз куч қудратини тўлақонли англаши, у билан фахрланиш ҳамда юксак ватанпарварлик ҳиссини уйғотди десак, муболаға бўлмайди.

Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ҳам очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Сўз олганлар юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, кўзланган мақсад эса, уларнинг билимли, баркамол бўлиб улғайишларида уларга кўмаклашишдан иборат эканлиги хусусида тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг "Ғалаба боғи" ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳатлар ташкил этилди.
Дастлаб ёшлар халқимизнинг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишишди. Ота-боболаримизнинг кўрсатган жасоратлари, бағри кенг халқимизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамда ўша давр тарихига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.
Темурийлар тарихи давлат музейига уюштирилган экскурсия давомида ёшларга Амир Темур сиймоси, ҳарбий юришлари, жанговар ҳаракатлари кенгроқ тушунтирилди. Темурийлар давридаги қурол-аслаҳалар, нишонлар ва бошқа экспонатлари билан яқиндан танишишди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий касбга қизиқтириш мақсадида уюштирилган бу каби тадбирлар ёшлар қалбида аждодларга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғулари янада шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жойлашган Президент мактабида ҳам Миллий гвардия Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида маданий-маърифий тадбир. Тадбирда Президент мактаби ўқувчилари учун Тошкент вилояти "Ёш Темурбеклар" ҳарбий-спорт нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Тадбир давомида ўқувчилар учун спортнинг камондан отиш ва от спорти турларидан маҳорат дарслари ўтилди.

Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида жойлашган Президент мактабида вилоят Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлигида бўлиб ўтди. Маданий-маърифий тадбирда ўқувчилар учун Тошкент вилояти "Ёш Темурбеклар" ҳарбий-спорт нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Шундан сўнг вилоятнинг Оҳангарон туманида Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси билан ҳамкорлигида бўлиб ўтди. Тадбир давомида ёшларга Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ёшлар учун спортнинг камондан отиш тури бўйича маҳорат дарслари, спортнинг волейбол, шахмат, тош кўтариш ва арқон тортиш турлари бўйича жамоалар ўртасида мусобақалар ўтказилди. Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.