Оромгоҳларда дам олаётган ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ватанпарварлик, маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилмоқда
Оромгоҳларда дам олаётган ёшларнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини янада ошириш, шунингдек, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш мақсадида "Қўриқлаш" бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ватанпарварлик, маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида ҳарбий техника ва аслаҳалар кўргазмаси ёшларда катта қизиқиш уйғотган бўлса, камондан ўқ отиш, бадминтон, шахмат, стол тенниси каби спорт мусобақалари эса тадбирларга кўтаринки руҳ бағишламоқда. Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтаётган беллашувлар якунида эса ғолиб бўлган ёшлар ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланмоқда.
Бундан ташқари, ўғил-қизларнинг интеллектуал ва ижодий қобилиятларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, тадбирлар доирасида турли машғулотлар ва тренинглар ўтказилмоқда.