"ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ" ТАДБИРЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Миллий гвардия ходимлари томонидан "Очиқ эшиклар куни" тадбирлари ташкил этилди. Тадбирларда оталиққа олинган ёшлар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этишди.
Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Минтақавий ўқув маркази, Хоразм ва Жиззах вилоятлари "Қўриқлаш" бошқармаларида бўлиб ўтган "Очиқ эшиклар куни" тадбирлари доирасида камондан отиш, қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳамда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг фаолияти ва махсус воситалари, шунингдек ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва касбий тайёргарлик машғулотлари ва бошқа йўналишлар бўйича ўқув нуқталари ташкил этилиб, ўқувчи ёшларга мазкур йўналишлар бўйича тушунчалар берилди.
Эркин мулоқотлар доирасида эса ўқувчилар соҳа фаолиятига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Тадбирлар давомида ўқувчилар қурол-аслаҳаларни шахсан танишиб кўришлари асносида, улар билан бажариладиган машқларни амалда қўллаб кўришди. Айниқса, камондан отиш спорт тури бўйича ёшларнинг мерганлик маҳоратлари синовдан ўтказилди ва бу спорт тури иштирокчиларига ўзгача кайфият улашди.
Шунингдек, ўғил қизлар стол теннис, рассомчилик ҳамда спортнинг шахмат-шашка турлари бўйича хам қизиқарли беллашувларда иштирок этишди. Ўтказилган кун ёшлар учун бир олам таъсиротларга бой тарзда ўтди.