ХАЙР-САХОВАТ ТАДБИРЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Байрам кунлари муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш ва дардига малҳам бўлиш халқимизга хос энг эзгу фазилатлардан биридир. Бежизга Қурбон ҳайити меҳр-мурувват, хайр-саховат ва эзгу амаллар байрами дейилмайди. Шунинг учун ҳам айни байрам арафасида Навоий вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан тизимда кўп йиллар самарали ишлаган, хизмат вақтидан соғлиги туфайли нафақага чиққан, Ҳозирда нафақа гаштини сураётган ходимлар, шу билан бир қаторда ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларнинг оила аъзолари холидан хабар олинди.
Раҳбарият томонидан оилаларга ташриф буюрилганда, уларнинг яшаш шароити ҳамда моддий аҳволи ўрганилиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бундай эзгуликка йўғрилган хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани хайрли савоб ишлар сари ундайди, албатта.