Янгиликлар

17 Октябрь 2024

Умумий ва якка суҳбат учрашуви ташкил этилди

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ўрганиш мақсадида умумий ва якка суҳбат учрашуви ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллари томонидан ташкил этилган тадбирларда, дастлаб, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбиясига эътибор қаратиш, шукроналик ҳисси билан яшаш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини ошириш каби долзарб масалалар юзасидан сўз юритилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан сўнг, иштирокчилар билан очиқ мулоқот қилиниб, уларнинг мавжуд муаммолари, таклифлари тингланди. Кўтарилган айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилган бўлса, айрим муддат талаб этиладиган мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъуллар томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, ушбу тадбирда иштирок этган мутахассислар томонидан оилавий муаммолар ва стресс ҳолатлари бўйича маслаҳатлар берилди. Учрашув давомида, ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва уларнинг оилалари ўзларини қизиқтирган саволларни бериш имкониятига эга бўлишди.

Бундан ташқари, уларнинг соғлигини текшириш мақсадида бошқарма томонидан бирламчи тиббий кўрик ўтказилди. Кўрик натижаларига мувофиқ, тегишли тартибда тиббий йўлланмалар берилди, бу эса ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлиғини яхшилашга ёрдам беради.