Янгиликлар

11 Сентябрь 2024

Ёшлар учун ҳарбий-ватанпарварлик ва маданий-маърифий руҳдаги тадбирлар, шунингдек, спорт беллашувлари ташкил этилди

Юртимиз келажаги бўлмиш ҳар бир ёшнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши ва уларнинг ватанга муҳаббат ҳамда садоқатини мустаҳкамлаш айни вақтда жамият ва давлатнинг доимий эътиборидаги устувор вазифа ҳисобланади. Тошкент ҳамда Сирдарё вилоятларида Миллий гвардия ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик ва маданий-маърифий руҳдаги тадбирлар, шунингдек, спорт беллашувлари ташкил этилди.
Тадбирларда куч тузилмаларидаги фахрийлар бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор ҳақида сўз юритдилар. Шундан сўнг истеъдодли ёшлар томонидан ватанни мадҳ этувчи куй қўшиқлар янгради.
Хизмат итларининг чиқиши ёшларда ўзгача таассуротлар қолдирди. Шунингдек, тадбирлар давомида ўқувчилар ҳарбий хизматчи ва ходимлар хизмат вақтида фойдаланадиган анжом-аслаҳалар ва махсус воситалар ҳамда техникалар кўргазмаси билан яқиндан танишишди.
Ёшларда ўзгача қизиқиш уйғотган жиҳат спортнинг камондан отиш тури бўйича ўтказилган маҳорат дарслари бўлди. Бу ерда ёшлар ушбу спорт турининг ўзига хос жиҳатлари билан танишиш асносида ўзларининг мерганлик маҳоратлари ҳам синаб кўриш имкониятига эга бўлишди.