Янгиликлар

18 Сентябрь 2024

"Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи" шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди

"Динамо" жисмоний тарбия ва спорт жамияти Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан "Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи" шиори остида "Қувноқ стартлар" мусобақаси ўтказилди.
Мусобақага Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, "Қўриқлаш" бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Жамоалар беллашув шартлари билан таништирилгандан сўнг, мусобақага старт берилди. Дастлаб, оилавий жамоалар ўртасида арқон тортиш бўйича беллашув бўлиб ўтди. Шундан кейин босқичма-босқич фарзандлар учун 5 метр масофадан тўпни саватга тушириш, оталар учун тош кўтариш ҳамда ота-она ва болалар иштирокида 30 метр масофада белгиланган қувноқ стартлар мусобақаларини бажариш бўйича баҳслар амалга оширилди. Мусобақа ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳоланиб борилди.
Қизиқарли беллашувларга бой бўлган мусобақа натижасига кўра: 3 ўринни икки оила, яъни Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармасидан Аноровлар оиласи ва Ички ишлар бошқармасидан Қўчқоровлар оиласи, 2 ўринни Давлат хавфсизлик хизматидан Эшонқуловлар оиласи қўлга киритган бўлса, Ички ишлар бошқармасининг Зиёдуллаевлар оиласи 1 ўринни эгаллаб, мусобақанинг мутлақ ғолиби деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва фаол жамоалар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.