“Шон-шараф” музейига саёҳат уюштирилди
Бухоро вилоятида Миллий гвардия ходимлари томонидан Бухоро давлат университети талабаларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида "Қўриқлаш" бошқармасига ташриф ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида ёшлар "Қўриқлаш" хизматида яратилаётган шароитлар билан таништирилди ҳамда уларга тизим ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шундан сўнг, талабалар учун вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси "Шон-шараф" музейига ҳам саёҳат ташкил қилиниб, уларга Миллий гвардия "Қўриқлаш" тизимининг қадимги давлатчилик тарихи давридан бошлаб, бугунги кунгача босиб ўтган йўли, жамоат хавфсизлиги ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилган ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик намунасини кўрсатиб, ҳалок бўлган фидойи ходимлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўтган ҳар бир даврнинг воқеа-ҳодисаларини ўзида мужассам этган кўргазмалар, соқчи, миршаблар ҳамда улар фойдаланган қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишдилар.
Эътироф этиш жоизки, маънавиятни янада юксалтиришга, билимни бойитишга хизмат қилувчи бу каби тадбирлар анъанавий тарзда давом эттирилмоқда.