Янгиликлар

20 Июль 2024

АРХЕОЛОГИК ТОПИЛМАЛАР БИЛАН ЯҚИНДАН ТАНИШИЛДИ

Сурхондарё вилоятидаги мавжуд тарихий обидалар билан яқиндан танишиш ҳамда шахсий таркибнинг дам олиш кунларини мароқли ўтказишларини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари учун Археология музейига навбатдаги саёҳат ташкил этилди.

Ходимлар музейдаги нодир экспонатлар, ўтмишимизга оид тарихий ёдгорликлар, ўзбек тарихчилиги ҳамда қадимий асори-атиқалар билан яқиндан танишиб, кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Музей мутахассислари томонидан қадимий топилмаларнинг тарихи ҳақида тушунчалар берилди.

Айтиш керакки, Термиз археология музейида Бронза (милоддан аввалги 3-2 минг йилликлар) эрамизнинг XV асригача бўлган топилмалар, палеолит, мезолит, неолит ва энеолит даврларига оид экспонатлар, қадимги Юнон-Бақтрия маданияти, Сурхон воҳасининг охирги бронза ва илк темир даврларига оид моддий маданият намуналари кабилар жой олган.