ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ВА ХОДИМЛАР ҲАМДА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ УЧУН НАВБАТДАГИ УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси, Тошкент ҳарбий суди ва Миллий гвардия мутасадди раҳбарлари, пойтахтимизда хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар, шунингдек уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.
Учрашув давомида мутасаддилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ёдга олиниб “Биз Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз тинчлигини таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз салоҳиятини оширишга, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун янада муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратамиз” деган сўзларининг мазмун-моҳияти кенг ёритиб берилди.
Шунингдек, аёлларимиз зиммасида хизмат соҳасидаги вазифасидан ташқари, фарзандлар тарбияси, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, маънавий-тарбиявий анъаналарни давом эттиришдек мураккаб вазифалар ҳам борлиги таъкидланиб, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимли йўлга қўйилиши таъкидланди.
Тадбир сўнгида ташриф буюрганлар ҳамда маҳаллий аҳоли учун сайёр қабуллар ташкиллаштирилди. Мазкур сайёр қабулда ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари, ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари мурожаатига кўра олий таълим муассасаларида ўқиш мобайнида фарзандлик бўлганликлари билан боғлиқ ижтимоий масалалари ўз ечимини топди.
Ушбу сайёр қабулда Марказга яқин маҳаллий аҳоли ҳам ташриф буюриб саволлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ва уларнинг осон ечими доирасидаги йўналишларни аниқлаб олиш имконига эга бўлишди. Ташриф буюрганларга Маънавият ва маърифат марказида фаолияти йўлга қўйилган турли спорт турлари, тил ўрганиш ва касбга йўналтириш билан боғлиқ тўгараклар билан таништирилди.