ХОДИМЛАР УЧУН НАВБАТДАГИ ПСИХОЛОГИК ТРЕНИНГ БЎЛИБ ЎТДИ
Психология - инсон шахси, унинг ички дунёси ҳақидаги билимларнинг мураккаб соҳасидир. Психологик тренинглар натижасида кишига ўз тажрибасидан маълум бўлган сезги, идрок, хотира, тафаккур, хаёл, ҳис-туйғу ва инсоннинг алоҳида қобилиятлари, истеъдоди, темпераменти, характерига хос руҳий ҳодисалар ҳақидаги билимларни жамлаш имконини беради.
Куни кеча Миллий Гвардия Самарқанд вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси психолог-мутахассислари томонидан тизимда хизмат қилаётган ходимларни психологик ҳолатларини мустаҳкамлаш, хизмат фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида навбатдаги психологик тренинг ўтказилди.
Мазкур тренинг давомида ходимларда шукроналик ҳиссини уйғотиш, ватанга садоқат билан хизмат қилиш энг шарафли бурч эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, мутахассислар томонидан интерактив машғулотлар олиб борилиб, инсонларда дуч келиш мумкин бўлган салбий ва ижобий ҳолатлар динамикаси, ижобий мукаммалликка эришиш сирлари тўғрисида фикр мулоҳазалар юритилди.
Психологик тренинг иштирокчилари ушбу учрашув орқали ўзларига керак бўлган билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.