ЁШЛАР УЧУН НАВБАТДАГИ ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ёшларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишларини ошириб бориш мақсадида Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчи ва ходимлари томонидан Минтақавий ўқув марказида Очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Мазкур тадбирда маҳаллалардаги оталиққа олинган ёшлар, мактаб ўқувчилари ва оилавий болалар уйларининг тарбияланувчилари иштирок этишди.
Тадбир аввалида ёшларга ватанпарварлик, миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчалар берилди.
Шундан сўнг ҳарбий анжом-аслаҳалар ва техника кўргазмаси ташкил этилиб, мутахассислар томонидан Миллий гвардия ходимлари учун яратилаётган шароитлар, ходимларнинг хизмат олиб бориш тартиби билан яқиндан таништирилди.
Бундан ташқари, марказда ташкил этилган музей ҳамда кутубхонага саёҳат уюштирилди. Якунда эса камондан отиш бўйича ташкил этилган машғулотида ёшлар ўз маҳоратларини ошириш имконига эга бўлдилар.