Янгиликлар

11 Апрель 2025

Очиқ эшиклар куни ўтказилди

Самарқанд вилоят Қўриқлаш бошқармаси ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар комил инсонлар бўлиб улғайишларини кўзлаб, ёшлар иштирокидаги қатор тадбирларни ўтказиб келмоқда. Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлимида вилоят Болалар кутубхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги очиқ эшиклар кунига шаҳардаги 51-умумтаълим мактаби ўқувчилари ташриф буюришди.
Дастлаб, мутахассислар ўқувчиларга Қўриқлаш хизмати ходимлари фаолияти давомида фойдаланиладиган техникалар тўғрисида маълумотлар беришди. Махсус электрон ўқ отиш хонасида нишонга қарата ўқ узиш машғулотида ёшлар фаол иштирок этишди.
Бундан ташқари, Амир Темур таваллудининг 689-йиллиги муносабати билан мутахассислар мактаб ўқувчиларига Соҳибқироннинг кучли марказлашган давлат асосчиси эканлиги, қолаверса унинг илм-фан ва маданият ҳомийси бўлганлиги хусусида қатор маълумотларни беришди. Шундан сўнг, ўқувчилар ўзларининг Амир Темурнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрлаб келган саҳна кўринишларини намойиш этишди.
Тадбир якунида, ёшларни билимли интеллектуал салоҳиятли, камол инсонлар бўлиб улғайишлари йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган устоз ва мураббийлар ҳамда тадбирда фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқувчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.