Янгиликлар

10 Январь 2024

"ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАНУ БИР ЖОН!" ШИОРИ ОСТИДА ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Миллий гвардия Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари учун "Халқ ва армия – бир тану бир жон!" шиори остида очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
"Қўриқлаш" бошқармасида бўлиб ўтган тадбир аввалида ёшларга ватанпарварлик, миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчалар берилди.
Кун тартибига мувофиқ ёшлар, мутахассислар томонидан "Қўриқлаш" хизматида яратилаётган шароитлар, ходимларнинг хизмат олиб бориш тартиби ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди.
Бундан ташқари, ўқувчилар учун "Қўриқлаш" бошқармасида ташкил этилган Музей ҳамда кутубхонага саёҳат ташкил этилди. Шундан сўнг, камондан отиш бўйича ташкил этилган машғулотида ўқувчилар ўз маҳоратларини ошириш имконига эга бўлдилар.
Тадбир якунида Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейига саёҳат уюштирилиб, мутасаддилар томонидан музей тарихи ва қадимий миллийлигимизга оид тарихий ёдгорликлар таништирилиб, ушбу мавжуд экспонатлар юзасидан тушунчалар берилди