Янгиликлар

26 Декабрь 2023

МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ УЧУН НАВБАТДАГИ ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири бўлган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар рухида тарбиялаш, уларнинг онгига тинчлик ва тотувликни куз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини чуқур сингдириш, "Халқ ва армия – бир тану, бир жондир!" деган эзгу ғоя асосида камол топишларини таъминлаш устувор вазифалардан бўлиб, бу борада ота-оналар билан биргаликда маҳалла, жамоат ташкилотлари ва барча вазирлик ва идоралар масъулдир.
Бу борадаги амалий ишлар доирасида куни кеча Миллий гвардия Тошкент минтақавий ўқув марказида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 10-сонли мактаб ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Ташриф давомида ёшлар ўқув марказининг фаолияти, Миллий гвардия ходимлари томонидан хизматда фойдаланиб келинаётган махсус восита ва қуроллар, уларни ишлатиш тартиб-қоидалари, соҳа ходимларининг халқимиз тинчлиги, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлашда амалга ошириб келаётган масъулиятли вазифалари, шунингдек марказда ташкил этилган спорт тўгараклари билан яқиндан таништирилди.
Тадбир, марказ тингловчиларининг навбатдаги ўқув йиғини тантанали битируви маросимига уланиб, унда 50 нафар тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Шунингдек, мазкур тадбирда иштирок этган ўқувчиларга Миллий гвардия Фахрий қоровул взводи ҳамда Намунали-кўргазмали оркестр жамоасининг мусиқий чиқиши намойиш этилиб, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларининг янада юксалиши, аждодларга муносиб авлод бўлиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлидан намуна олиш, эгаллаётган билим ва салоҳиятларини юртимизнинг тинчлиги, гуллаб яшнаши ва янада тараққий этиши йўлида сарф этишлари етказилди.