Навбатдаги психологик учрашув руҳий-эмоционал ҳолатларнинг профилактикасига бағишланди
Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ўртасида жамоада соғлом муҳитни шакллантириш ва руҳий-эмоционал ҳолатларнинг профилактикасига бағишланган навбатдаги тадбир ўтказилди. Ҳарбийлаштирилган назоратчилар ва қоровуллик бўлинмалари ходимлари иштирокида ўтказилган машғулотда психолог мутахассислар томонидан руҳий саломатликнинг аҳамияти, ижтимоий-психологик муҳитни барқарор сақлаш, хизматдаги зиддиятларнинг олдини олиш ва уларни самарали ҳал этиш йўллари юзасидан психологик маслаҳатлар ва тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар учун махсус психологик тренинг ҳам ташкил этилди. Тренинг давомида гуруҳли машғулотлар, ролли ўйинлар, жамоавий мулоқотни яхшиловчи топшириқлар бажарилди. Бу орқали ходимларнинг бир-бирига нисбатан ишончи, ўзаро ҳурмати ва ҳамжиҳатлик руҳини янада кучайтириш мақсад қилинган.
Шу билан бирга Наманган вилояти Қўриқлаш бошқармаси Психологик таъминлаш бўлими томонидан шахсий таркиб ўртасида маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, руҳий барқарорликни таъминлаш ва касбий самарадорликни ошириш мақсадида навбатдаги психологик тренинг ўтказилди. Тренинг жараёнида ходимларнинг касбий фаолиятда юзага келиши мумкин бўлган стресс ҳолатларига қарши туриш, иш фаолиятидаги руҳий босимни бартараф этиш ва жамоада самарали муносабатларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида иштирокчилар билан амалий машқлар, савол-жавоблар ва муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш асосида иш олиб борилди. Шу билан бирга, тренингда ишчи муҳитда эмоционал ҳолатни бошқариш, руҳий чарчоқнинг олдини олиш ҳамда соғлом муомала кўникмаларини шакллантиришга қаратилган интерактив усуллар қўлланилди.