ШАХСИЙ ТАРКИБ ИШТИРОКИДА НАВБАТДАГИ ПРОФИЛАКТИК УЧРАШУВ
Куни кеча Тошкент вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси шахсий таркиби иштирокида навбатдаги профилактик учрашув ўтказилди. Сўз олганлар сўнгги ойларда қўриққа олинган объектларда назоратни кучайтириш, техник қўриқлаш воситаларининг иш ҳолатини назоратга олиш, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ экипажининг ташвиш хабари бўйича белгиланган манзилга вақтида етиб боришини назорат қилиш каби бир неча йўналишларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, шахсий таркибнинг маънавий-ахлоқий ҳамда уларнинг психоэмоционал ҳолатини янада мустаҳкамлаш, назорат ўтказиш постларида ҳушёрликни кучайтириш, тамагирлик ва коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, хизматни виждонан ва сидқидилдан олиб боришга аҳамият қаратишлари таъкидланди.
Бундан ташқари, масъуллар қонунчиликка киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида маълумотлар беришди. Баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган учрашув сўнгида келгусида амалга оширилиши мақсад қилинган истиқболли режалар ҳам белгилаб олинди.