Янгиликлар

12 Август 2025

Қўриқлаш соҳасида маҳаллий технологиялар ривожига янги туртки

Қўриқлаш соҳасида замонавий технологияларни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва импорт ўрнини босадиган илғор техник воситаларни яратиш масалалари бўйича муҳим учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда маҳаллий саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш ва уларга амалий кўмак бериш йўналишлари асосий мавзулардан бирига айланди.

Учрашувда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ҳамда “SMART TECHNOLOGY SYSTEMS” МЧЖ, “FIRETECH” МЧЖ ва “RADIOCOM” МЧЖ каби маҳаллий корхоналар раҳбарлари ўзаро очиқ мулоқот олиб бордилар. Суҳбат жараёнида ишлаб чиқариш имкониятлари, мавжуд муаммолар, истиқболли лойиҳалар ва янги технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, корхона раҳбарларининг ташаббус ва режалари тингланиб, қўриқлаш соҳасини ривожлантиришга қаратилган аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Мазкур учрашув маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва давлат идоралари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, қўриқлаш соҳасига илғор технологик ечимларни кенг жорий этиш ҳамда ички бозорда миллий маҳсулот улушини оширишга хизмат қилади.