Янгиликлар

20 Май 2023

ҲЕЧ БИР БОЛА ДАВЛАТ ҒАМХЎРЛИГИДАН ЧЕТДА ЭМАС

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, халқимиз фаровонлигини янада ошириш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ушбу ислоҳотларнинг амалий намуналаридан бири сифатида, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, кўмакка муҳтож етим болаларни рўйхатга олиш ва манзилли кўмак кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида “Меҳр дафтари” платформаси ишга туширилган эди.

Мазкур платформага Миллий гвардияси ташаббуси билан республика миқёсида меҳрибонлик уйлари собиқ битирувчиларининг рўйхати шакллантирилиб, киритилмоқда. “Меҳр дафтари” платформасига киритилган ана шундай ёшлардан бири 28 ёшли Исаков Мухриддинга Фарғона вилоятида янги уйнинг калити топширилди.

Шу куннинг ўзида Миллий гвардия қўмондонлиги ва Республика ҳарбий прокуратураси масъуллари билан биргаликда Фарғона туманида жойлашган Рўзибоевлар томонидан очилган “Келажак ва бахт” номли оилавий меҳрибонлик уйига ташриф буюрилди.

Ташриф давомида болалар учун оиладаги яратилган шароитлар, имкониятлар билан яқиндан ташиниб чиқилди. Болалар билан дилдан суҳбат қурилиб, улар қалбидаги орзу истаклар тингланди. Болажонлар томонидан ясалган санъат асарлари томоша қилинди ҳамда муаммолар бўйича керакли кўрсатмалар берилди. Меҳмонлар томонидан олиб келинган совға саломлар болажонлар қалбини қувончга тўлдирди десак муболаға қилмаган бўламиз.