Янгиликлар

23 Апрель 2025

Навоий вилоятида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича ўқув семинари ўтказилди

Юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг тинч, осуда ҳаётини кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, Президент Администрацияси ташаббуси билан Навоий вилоятида махсус ўқув семинари ташкил этилди.
Мазкур ўқув семинарида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Қонунчилик палатаси вакиллари, прокуратура, Ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда Қўриқлаш бошқармалари раҳбарлари, Маҳалла уюшмаси масъуллари ҳамда вилоятда мавжуд шаҳар-туман ҳокимлари, "маҳалла еттиликлари" иштирок этишди.
Дастлаб, масъуллар томонидан криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва уларни бартараф этишда хавфсиз йўлак ва хавфсиз кўчаларни барпо этиш лозимлиги таъкидланди.
Юзни таниб олувчи ва давлат рақамини аниқловчи кузатув камералари, ташвиш тугмалари, ақлли домофонлар каби бир қанча махсус қурилмаларнинг ишлаш тартиби, вазифаси ва ўзига хос хусусияти, уларни ўрнатишда аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида маълумотлар берилди.
Семинар иштирокчилари Кармана туманининг Мирсаид Баҳром ва Алишер Навоий маҳаллаларида ташкил этилган хавфсиз кўча ва хавфсиз йўлаклар билан танишиб, уларда ўрнатилган замонавий хавфсизлик қурилмаларининг натижадорлигининг гувоҳи бўлишди.
Бундан ташқари, Қўриқлаш хизматининг афзалликлари, объект ва хонадонларга ўрнатиладиган сигнализация воситалари, "ташвиш тугма"лари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ушбу воситаларнинг ишлаш тизими амалий кўрсатилиб, фойдаланиш тартиблари тушунтирилди. Содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда қўлланилаётган бу каби замонавий техник воситалар, албатта ҳудуд хавфсизлиги ва фуқаролар хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур семинар жойларда давом эттирилмоқда.