НАВБАТДАГИ БЕҒАРАЗ ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Куни кеча Сирдарё вилояти Қон қуйиш станцияси вакиллари томонидан вилоятнинг Оқолтин тумани "Қўриқлаш" бўлими ходимлари иштирокида “Мен донорман” шиори остида беғараз қон топшириш акцияси ўтказилди.
Мазкур хайрия акцияда кўнгилли ходимлар фаол иштирок этиб, бемор қалбларга ёрдам бериш, ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.
Асосий мақсад – тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чорлаш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Мунтазам ташкил этиб келинаётган “Мен донорман” акциясида донорлар сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Бу ҳам бўлса мутахассисларнинг беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш борасида олиб бораётган саъй ҳаракатларининг натижасидир.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларда давом этмоқда.