Сурхондарёда 2 та мактабда Миллий гвардия синфлари ташкил этилди
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг билим савияси, ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ҳудудларда Миллий гвардия ташаббуси билан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларида Миллий гвардия ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилиши, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий армиямизга ҳурмат, фидойилик каби ғояларни шакллантиришга, уларни танлаган касбига садоқатли этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилоятида шу кунга қадар 4 та Миллий гвардия ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони яна 3 тага кўпайди. Жарқўрғон туманидаги 66-сонли умумтаълим мактабида 2 та, 36-сонли умумтаълим мактабида эса 1 та Миллий гвардия ҳарбий-ватанпарварлик синфи ташкил этилди. Бунда таълим масканининг 7 синф ўқувчиларидан саралаб олинди, синфхоналари белгиланган тартибда жиҳозланиб, ўқувчиларнинг таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Мазкур ватанпарварлик синфларининг тантанали очилиш маросимларида, Миллий гвардия раҳбарияти, туман ҳокимияти, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар, махсус техника ва жиҳозлар намойиш этилди. Чавандозлик ҳамда камондан отиш спорт тури бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбирдан сўнг ўқувчилар учун жасорат дарслари ташкил этилди. Унда юртимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қадриятларимиз, шонли тарихимиз, ватанпарвар аждодларимиз ҳақида сўз юритилиб, тинчлик аталмиш олий неъматни қадрига етиш муҳимлиги таъкидланди.
Айтиш керакки, эндиликда бу каби машғулотлар белгиланган тартибда олиб борилиб, ташкил этилган турли фан ва спорт тўгаракларида ёшларимиз ўз билим ва кўникмаларини, жисмоний имкониятларини ошириб боришади. Бу эса ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни республикамизнинг нуфузли ҳарбий олий таълим муассасаларига тайёрлашга хизмат қилади.