Рамазон ҳайити байрами муносабати билан тизимда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб нафақага чиқган ҳамда хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинмоқда
Байрам кунлари муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш ва дардига малҳам бўлиш халқимизга хос энг эзгу фазилатлардан биридир. Бежизга Рамазон ҳайити меҳр-мурувват, хайр-саховат ва эзгу амаллар байрами дейилмайди. Шунинг учун ҳам айни байрам арафасида Навоий вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан тизимда кўп йиллар самарали ишлаган, ҳозирда нафақа гаштини сураётган ҳамда хизмат вақтида мардларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари холидан хабар олинди.
"Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти томонидан оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, болажонларга эса ўқув қуроллари, китоблар тўпламлари ҳамда ўйинчоқлар совға қилинди. Уларнинг яшаш шароити ҳамда моддий аҳволи ўрганилиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Бундай эзгуликка йўғрилган хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани хайрли ишлар сари ундайди, албатта.