Янгиликлар

5 Июль 2024

МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ "ҚЎРИҚЛАШ" БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар орасида китобхонлик, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўғил-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия Фарғона вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи полковник З.Тўйчиев бошчилигида, Фарғона вилояти ҳудудидаги оталиққа олинган маҳалла ёшлари иштирокида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
"Раҳбар ва ёшлар учрашуви"да Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марғилон шаҳар кенгаши, "Қўриқлаш" бошқармаси масъуллари, ёшлар етакчилари иштирок этди. Полковник З.Тўйчиев маҳалла ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, Президент томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бандлигини таъминлаш, китобхонлик ва спорт тўгаракларига йўналтириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирлар давомида мономарказга саёҳат ташкилланиб, ёшларни қизиқтирган касблар бўйича тушунчалар берилди. Ўзбек жанг санъати бўйича жаҳон чемпиони Олимжонов Абдураҳим билан бўлиб ўтган суҳбат ёшларда бир олам таассурот қолдирди.
Маданий тадбирлар Фарғона давлат музейида давом этиб, ёшлар ўзини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Якунда иштирокчиларга бошқарма бошлиғи томонидан эсдалик совғалари топширилди.