МУЗЕЙЛАР – МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОС ЎЧОҒИДИР
Музейлар – тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади.
18 май – Халқаро музейлар куни байрами муносабати билан ҳамда "Қўриқлаш" хизмати ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ўз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда аждодлар қолдирган бой маданий меросни асраб авайлаш туйғуларини шакллантириш мақсадида ҳудудий маданият ва тарих музейларига экскурсиялар уюштирилди. Ташрифлар давомида тингловчилар музейларнинг амалий санъат бўлимларида қадимий халқларнинг уй-рўзғор буюмлари билан танишган бўлсалар, этнография бўлимларидан эса кийим-кечаклар ўрин олган. Илмий ходимлар бу масканларда яшаган маҳаллий халқларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб беришди. Шундан сўнг ходимлар музейлардаги асори-атиқалар билан таништирилди. Бир олам таассуротлар билан музейларда сақланаётган маданий ёдгорликлар билан танишган ходимлар тарихнинг жонли кўзгусига гувоҳ бўлишди. Бу каби саёҳатлар ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.