МУЗЕЙЛАР – ТАРИХНИ ТЕРАН АНГЛАШ УЧУН ЭНГ МУҲИМ АСОСДИР
Музейлар — тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимларини ўз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда аждодлар қолдирган бой маданий меросни асраб авайлаш туйғуларини шакллантириш мақсадида, куни кеча Қарши шаҳар "Қўриқлаш" бўлими ходимлари учун вилоят Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида музей мутасаддилари томонидан ходимларга музей тарихи ва қадимий миллийлигимизга оид тарихий ёдгорликлар таништирилиб, ушбу мавжуд экспонатлар юзасидан тушунчалар берилди. Бир олам таассуротлар билан музейда сақланаётган маданий ёдгорликлар билан танишган ходимлар тарихнинг жонли кўзгусига гувоҳ бўлишди.
Музейга уюштирилган бу каби саёҳатлар ходимларнинг маънавий дунёсини бойитиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, миллий анъана ва қадриятларини ўрганиш, уларни тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.