МУҲОКАМА МАРКАЗИДА ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ
"Қўриқлаш" сафларида хизмат қилаётган ходимларнинг хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Фарғона вилоят "Қўриқлаш" бошқармасида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Миллий гвардия шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Кадрлар бошқармаси масъуллари ва бошқарма ходимлари, шунингдек, видеоконференция тартибида барча шаҳар-туман "Қўриқлаш" бўлимлари шахсий таркиби иштирок этди.
Сўзга чиққанлар томонидан ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда виртуал оламда авж олаётган таваккалчиликка асосланган турли ўйинларнинг аянчли якуни ҳақидаги долзарб мавзулар ҳақида сўз юритилди.
Шахсий таркиб орасидаги муаммоларни ўрганиш, уларни эрта аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида масъулларга зарурий кўрсатмалар ҳам берилди.
2022 йил давомида йўл қўйилган камчиликлар ва хизмат интизоми бузилиш ҳолатлари аниқ мисоллар ва видеороликлар билан кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, мамлакатимизда ҳарбий хизматчи ва ходимлар учун яратилган имкониятлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда фарзандларининг олий таълим муассасаларига кириш учун берилаётган тавсияномалар ҳақида ҳам атрофлича сўз бориб, хизмат самарадорлигини янада ошириш лозимлиги қайд этилди.