"Ёш авлод – келажак бунёдкори"
Куни кеча Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани Қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан “Оқ кема” болалар дам олиш оромгоҳида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Беш ташаббус – беш имконият” шиори остида маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Тезкорлик ва зукколикни талаб этадиган ўйинлар ташкил этиб бориш ёш авлод онги, унинг жисмонан бақувват ва ақлан етуклигини таъминлайди. Шу мақсадда ходимлар ва ёшлар ўртасида спортнинг шахмат, теннис ва бошқа бир қатор турлари бўйича беллашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари, китобхонликни тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Болалар учун қизиқарли адабий учрашувлар ташкил этилиб, таниқли ижодкорларнинг асарлари билан таништирилди ва ўқилган китоблар муҳокама қилинди. Китоб кечалари таассуротлар алмашиш ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш учун ажойиб имконият бўлди.
Шундан сўнг болалар ижодий танловларда қатнашиб, ўз билимларини намойиш этишди, севимли асарларига расм чизишди ва ҳатто ўз ҳикояларини тўқиб кўришди. Адабий машғулотлар болаларнинг дунёқарашини кенгайтиришга, хотира ва тасаввурини яхшилашга, ўз фикрини ёрқинроқ ва ишончлироқ ифодалашга ўргатди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби тадбирлар фарзандларимизнинг келажакда ватанга, халққа садоқати, меҳр-у муҳаббатини янада оширишга, шунингдек бўлажак Алпомиш-у, Тўмарислар бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.