ЁШЛАРНИНГ БЎШ ВАҚТИ МАЗМУНЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА
Бугунги кунда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни она-Ватанга садоқатли, баркамол авлод қилиб тарбиялаш учун бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Навбатдаги тадбир хам ана шу мақсадларни кўзлаган десак муболаға бўлмайди. Миллий гвардия Хоразм вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ёшлар бир қатор спорт мусобақалари ва кўрик танловларда иштирок этишди. Ўғил-қизлар иштирокида “Ёш китобхон” ва ош пишириш бўйича кўрик танлов, “Мен орзу қилган касб” мавзусида рассомчилик мусобақаси ва бошқа турли хил мусобақаларда ўз маҳоратларини яна бир бор кашф этишди. Иштирокчилар ўқув нуқталарга бўлинган холда эпчиллик, чидамлилик ва ақлий қобилиятларини мустаҳкамловчи беллашувларнинг гувоҳи бўлишди.
Шу билан бирга иштирокчилар "Қўриқлаш" бўлимида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг хизмат олиб бориш жараёнлари ва қурол-аслаҳалар ҳамда махсус воситалар билан яқиндан танишдилар. Айниқса, камондан отиш ва от спорти бўйича маҳорат дарслари йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди. Тадбир якунида мусобақалар ҳамда кўрик танловлар давомида ғолиб бўлган иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Бундан ташқари, ёзнинг иссиқ кунларида мароқли хордиқ чиқараётган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Наманган ҳамда Тошкент вилоятлар "Қўриқлаш" бошқармалари ходимлари томонидан ўғил-қизлар иштирокида бокс, волейбол, дзюдо ва футбол спорт турлари бўйича мусобақалар ҳамда машғулотлар ташкил этилди. Ўтказилган беллашув ва машғулотлар давомида ўқувчи ёшларнинг олаётган сабоқлари яна бир бор синовдан ўтказилди.