МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ЁШЛАР БИЛАН
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Фарғона вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан Фарғона шаҳридаги Миллий гвардияга бириктирилган 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ихтисослаштирилган синф ўқувчилари учун "Миллий гвардия ёшлар билан" шиори остида очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
"Қўриқлаш" бошқармасида бўлиб ўтган тадбир аввалида ёшларга ватанпарварлик, миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунчалар берилди.
Кун тартибига мувофиқ ёшлар, мутахассислар томонидан "Қўриқлаш" хизматида яратилаётган шароитлар, ходимларнинг хизмат олиб бориш тартиби ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди. Бирор ҳудудда ўғрилик, талончилик ёки жиноят ҳодисаси содир бўлиб, қўриқлашнинг ташвиш тугмачаси босилганда воқеа жойига етиб бориш ва қандай хизмат кўрсатиш тартиблари бўйича тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, ўқувчилар "Қўриқлаш" бошқармаси психологик хизмат кўрсатиш сифатини, тиббиёт ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари бўйича машғулотларни, махсус техникалар ҳамда Кинология хизмати томонидан кўргазмали чиқишларни мароқ билан томоша қилдилар. Бошқармада яратилган шароитлар, хизмат ҳамда ўқув хоналари билан яқиндан танишиб чиқдилар. Шундан сўнг, камондан отиш бўйича ташкил этилган машғулотида ўқувчилар ўз маҳоратларини ошириш имконига эга бўлдилар.